ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЭКСПЕРТЛАР УКРАИНАГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Турли вазирлик ва идораларнинг мутахассисларидан иборат ўзбекистонлик экспертлар атом электр станциясининг қурилиши ва эксплуатациясининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш, радиоактив чиқиндиларга бўлган муносабат, радиоактив чиқиндиларни жойлаштириш учун жой яратиш ва унинг эксплуатацияси, шунингдек АЭС қурилишига доир лойиҳаларнинг экологик экспертизаси борасидаги тажрибалар билан танишиш мақсадида Украинага ташриф буюрдилар.

Сафар дастурига «КИЭП» (Киев илмий-тадқиқот ва лойиҳа-конструкторлик институти – “Энергопроект”) институтига ташриф буюриш, Украина Экология вазирлиги ва Давлат экология инспекциясида учрашувлар ўтказиш, атом энергиясини ишлаб чиқарувчи миллий компания – «Энергоатом»га (Украинадаги барча АЭСлар оператори), чиқиндилар сақлаш ҳудуди ва Чернобил АЭСга ташриф буюриш, шунингдек Чернобил АЭС чиқиндиларни сақлаш ҳудуди давлат администрацияси раҳбарияти билан учрашув ўтказиш киритилган.

КИЭПда бошқарув раиси Юрий Малахов ва масъул ходимлар билан учрашув бўлиб ўтди. Ушбу институт АЭС қурилишидан бошлаб уни фойдаланишга топширишгача бўлган атом электр станцияларини лойиҳалаштириш билан шуғулланади. Шунингдек бу ерда атом электр станциялари АМТБ (Атроф-муҳитга кўрсатадиган таъсирни баҳолаш) лойиҳалари ишлаб чиқилади ва ташкилот вакиллари буюртмачи билан бирга АМТБ бўйича очиқ эшитувларда иштирок этади.

Учрашув давомида Ўзбекистон делегацияси аъзоларига АМТБ тайёрлаш механизми тўғрисида батафсил маълумот берилди, шунингдек улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. Қайд этиш керак, замонавий усуллар замонавий атом электр станцияларининг хавфсиз фаолияти тўғрисида ишончли тасаввурга эга бўлиш имконини беради.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Чернобил АЭС билан боғлиқ воқеалардан кейин Украинанинг олган сабоқлари мамлакатга бундай фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш, оқибатларини минималлаштириш ва умуман, тинч атом соҳасини хавфсиз йўлга қўйиш бўйича катта тажриба берди.

Замонавий Украина учун атом электр станциялари – бу турли йилларда, мамлакатда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ярми ёки ундан кўпроғи деганидир. Бугунги кунда Украинада 15 та энергоблокдан иборат 4 та атом электр станцияси фаолият кўрсатмоқда. Улардан бири – 6 та энергия блокли Запорожск АЭСнинг умумий қуввати 6000 МВт бўлиб, Европадаги энг катта атом электр станцияси ҳисобланади.

АМТБ масалаларига замонавий ёндашув, тинч атомдан фойдаланишнинг экологик фойдаси хусусидаги масалалар делегациянинг Украина Экология вазирлигида бўлиб ўтган учрашуви давомида муҳокама қилинди. Бу борада алоҳида қайд этилдики, Украина тажрибаси шуни кўрсатадики, атом электр станцияларини энергия балансига киритиш атмосферага иссиқхона газлари чиқарилишини сезиларли даражада камайтиради.

Ташриф дастуридан Ўзбекистон делегациясининг Чернобил АЭС объектлари ва чиқинди сақлаш ҳудудлари фаолияти билан танишиш, шунингдек Чернобил АЭС чиқиндиларни сақлаш ҳудуди давлат администрацияси раҳбарияти билан учрашув ўтказиш жой олган эди. Ўзбекистон вакиллари 1986 йилдаги ҳалокатдан сўнг нималар содир бўлгани, қандай чоралар кўрилгани хусусида бевосита танишиш имкониятига эга бўлдилар, шунингдек, ҳалокат содир бўлган АЭСнинг 4-энергоблокида ва ишлатилган ядро ёқилғиси сақланадиган омборда бўлдилар. Делегация аъзолари мазкур объектларнинг атроф-муҳитга таъсири бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишдилар ва улар атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаслигига ишонч ҳосил қилдилар.

Чернобил АЭС ўз вақтида РБМК реакторлари билан жиҳозланган, ҳалокатдан сўнг 1991 – 2000 йиллар оралиғида навбатма-навбат ёпилган эди. Бугунги кунда Украина ҳудудида ишлаб турган барча реакторлар ВВЭР тоифасига мансуб бўлиб, улардан иккитаси – ВВЭР-440 ва ўн учтаси – ВВЭР-1000 ҳисобланади.

Шунингдек, Украина давлат экология инспекцияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда АМТБ лойҳалари бўйича экспертиза ўтказиш борасида инспекциянинг АЭС ва ишлатилган ядро ёқилғилари сақлаш жойлари мисолида тўплаган тажрибалари хусусида ўртоқлашилди.

Бугунги кунда Украина ВВЭР тоифасига мансуб энергия реакторлари бўйича жаҳонда ўнинчи ва Европада бешинчи ўринда туради. Мазкур мамлакат учун атом энергетикаси – бу мамлакат ҳаётини таъминлашнинг кафолати, иқтисодий фаолият ва аҳолини энергия билан таъминлашнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Украина атом электр станцияларидан самарали ва хавфсиз фойдаланиш бўйича катта тажриба тўплаган ва бу тажрибаларни Ўзбекистон билан ўртоқлашишга тайёрдир.

Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати