УКРАИНА ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИДА ТАЪЛИМ ОЛАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИГА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ УКРАИНАДАГИ ЭЛЧИХОНАСИНИНГ МУРОЖААТИ

Украинада таълим олаётган фуқароларимизнинг Ўзбекистонга вақтинчалик жўнаб кетган тақдирда Украина олий ўқув юртларида ўқишларини сақлаб қолиш юзасидан мурожаатларига жавобан Элчихона қуйидагиларни маълум қилади.

Украина Таълим ва фан вазирлиги 2022 йил 25 январь кунидаги № 1/1266 ва 15 февраль кунидаги 1/2588-22 сонли хатлари билан Украинанинг барча олий ўқув юртларига масофавий таълимни жорий этиш ва ҳар қандай ҳолатда хам талабаларни ўқишдан четлаштирмасликни тавсия қилган. Бу талабалар ўз хоҳиш-истаклари билан ўқишни тарк этиш ҳолатларига тегишли эмас.

Ушбу қоида тиббиёт соҳасида таълим олаётган талабалардан ташқари барча йўналишдаги ўқувчиларга амал қилади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳамда авиа қатновда кузатилаётган узилишлар сабабли ўзбекистонлик талабаларга ўқишни ўз Ватанларида масофавий шаклда давом эттириш имкониятларини кўриб чиқиш тавсия қилинади.